11-тур рамзий термаси

Киритилди: 20 Июнь 2016 10:10 Кўрилди: 567
11-тур рамзий термаси

 «ИнтерФутбол» одатга кўра, олий лиганинг навбатдаги турида фаоллик кўрсатган футболчилардан иборат рамзий терма жамоа тузди. 11-тур бизга йирик ҳисоб ва иродали ўйинларни туҳфа қилиш баробарида, ўзига яраша қаҳрамонларни ҳам кашф этди.

Дарвозабон:
 
Жавоҳир Илёсов («Машъал»)
Муборакликлар посбони «Обод»га қарши кечган баҳсда рақибнинг икки марта пенальтидан йўллаган зарбасини бартараф этди. Бу ҳолат бошқа ўйинчиларга ижобий таъсир қилди чоғи, «Машъал» якунда 5:0 ҳисобида ғалаба қозонди.
 
Ҳимоячилар:
 
Шукурали Пўлатов («Нефтчи»)
«Нефтчи»нинг сўнгги ўйинларида айнан Шукурали Пўлатов жамоа жонига оро кирмоқда. Бу сафар ҳам маҳоратли ҳимоячи «Қўқон-1912» дарвозасига иккита тўп киритди. Акс ҳолда, меҳмонлар ортга 3 очко билан қайтишлари мумкин эди.
 
Деян Больевич («Насаф»)
 
Бу турни Наманганда ўтказган «аждарлар» тайёр ғалабани бой беришди. Гарчи «Насаф» шу куни очко йўқотган бўлсада, тартибли ўйин намойиш этди. Айниқса, ҳимоячилардан Деян Больевич рақиб ҳужумчиларига қарши фаол курашди.
 
Даврон Ҳошимов («Пахтакор»)
 
«Сўғдиёна» ўз уйидаги баҳсларда етакчиларга муаммо туғдиришни уддаламоқда. Амалдаги чемпион «Пахтакор» ҳам Жиззахда қийинчилик билан ғалаба қозонди. Мезбонлар ҳужумларини қайтаришда жонкуяр Даврон Ҳошимов анча фаол бўлди. Ҳам ҳимоя, ҳам олдинги чизиқда шерикларини мунтазам қўллаб-қувватлади.
 
Акром Комилов («Бунёдкор»)
 
«Бунёдкор»нинг «Қизилқум» дарвозасини ишғол қилишини мухлислар 77 дақиқа кутишди. Бунга қадар ҳар икки жамоада қулай имкониятлар юзага келтирилганига қарамай, ҳисоб очилмаганди. Шу куни «қалдирғочлар» таркибида Акром Комилов ҳар тарафлама самарали ўйин кўрсатиб, жамоаси ғалабасига муносиб улуш қўшди.
 
Ярим ҳимоячилар:

Сервер Жепаров («Локомотив»)
Яна фаол, яна гол муаллифи, яна энг яхши... Жепаров «Бухоро» дарвозасига ҳам йўл топди, фақат одатига хилоф равишда муваффақиятни «сальто» билан нишонламади. Бундан «Локомотив» мухлислари ранжишмади, ахир биринчи ўринда натижа туради-да.
 
Акром Баҳриддинов («Навбаҳор»)
 
Юқорида айтганимиздек, «Насаф» Наманганда очко йўқотди. Бунга эса «Навбаҳор»нинг 7-рақамли футболчиси сабабчи бўлди. Дастлаб «аждарлар» дарвозаси томон белгиланган пенальтини аниқ амалга оширолмаган Баҳриддинов ўйин охирларида барибир, ниятига етиб, учрашув қаҳрамонларидан бирига айланди.
 
Дилмурод Каримов («Металлург»)
 
Бекободликлар биринчи даврани кучли учликда якунлашни мақсад қилишган, чоғи - «Металлург» бу сафар ҳам 3 очколик бўлди. Дилмурод Каримов эса мазкур баҳсда ҳар бир чизиқда фаоллик кўрсатиб, битта гол уришга ҳам эришди.
 
Жамшид Искандеров («Пахтакор»)
 
«Пахтакор»нинг бу турдаги ғалабаси айнан Искандеровнинг голи эвазига қўлга киритилди. Жамшид 70 дақиқа ўйнади, аммо шунинг ўзи ҳам ўйинда энг яхши футболчилардан бири сифатида қайд этилишига кифоя бўлди. Афтидан, маҳоратли ярим ҳимоячи аввалги формасини тиклаётгандек.
Ҳужумчилар:
Шаҳбоз Эркинов («Машъал»)
 
11-турда «дубль» қайд этган футболчилардан яна бири Шаҳбоз Эркиновдир. Унинг голлари «Машъал»нинг йирик ҳисобда ғалаба қозонишини таъминлади. Бошқа вазиятларда ҳам истеъдодли ҳужумчи анча фаоллик кўрсатди.
 
Игорь Таран («Шўртан»)
 
Ғузор клуби турнир жадвалидаги мавқеини аста-секин яхшилаб бормоқда. Бунда албатта, Игорь Таран каби футболчиларнинг ҳиссаси беқиёс. Тажрибали ҳужумчи «Олмалиқ»қа қарши кечган баҳсда ўз номини нафақат таблога, балки энг яхши футболчилар рўйхатига ҳам ёздириб қўйди.
 

 


Манба: interfutbol.uz
Рукн: Ўзбек футболи Калит сўзлар: тур, термаси, рамзий